Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрига келди

Описание к видео Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрига келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Москва шаҳрида кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этди.

Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян раислигида ўтган учрашувда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, кузатувчи давлат раҳбари сифатида Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Бакитжан Сагинтаев ҳамда меҳмон сифатида МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, устувор йўналишларда қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Владимир Путинни Россия Федерацияси Президенти лавозимига киришгани билан табриклади. Йиғилишнинг барча иштирокчиларини Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 79 йиллиги ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи таъсис этилганининг ўн йиллиги билан қутлади.

Ўзбекистон етакчиси бугунги шароитда мамлакатларимиз савдо-иқтисодий алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш ва тўғридан-тўғри инвестициялар ўсиши учун шароит яратиш биринчи даражали аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ўтган ойда Тошкентда муваффақиятли ўтган “Иннопром” анъанавий халқаро кўргазмаси шундай ҳамкорликка ижобий мисол сифатида қайд этилди.

– Бугун ушбу форум Ўзбекистоннинг Россия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги бошқа давлатлар билан бизнес мулоқотини ривожлантириш учун самарали платформага айланди, - деди Президент.

Ушбу майдонни кенгайтириш, бошқа ҳамкор мамлакатлар, шу жумладан Куба, Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Мўғулистон, Вьетнам ва Индонезия каби давлатлардан ҳам компанияларни жалб қилиш нияти билдирилди.

Ўзбекистоннинг кузатувчи сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлиги ҳақида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, саноат маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш ҳисобидан ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга ошириш улуши ортмоқда.

Мингдан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар ишга туширилди. Юк ташиш ҳажми ўсмоқда, мунтазам авиақатновлар сони икки баробарга кўпайди.

Евроосиё иқтисодий комиссияси билан биргаликда Юқори даражадаги ишчи гуруҳнинг учта йиғилиши ўтказилди, Қўшма режадаги барча тадбирлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилди.

Ўзбекистон савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижорат, иқлим кун тартибига оид лойиҳа ва дастурларга қўшилди.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке